Россиянинг Су-24 самолётини уриб тушириш билан расмий Анқара амалда Москвага уруш очиш учун асос берди, лекин Кремль Туркияга тегишлича жавоб қайтаришни маъқул деб топмади. Бу ҳақда бош вазир Дмитрий Медведев мамлакатнинг етакчи телеканалларига берган интервьюси чоғида маълум қилди.

“Туркияга келсак, нима бўлганини барчамиз кўрдик, лекин бу, дарвоқе, айнан санкциялар эмас. Амалда бу давлатимизнинг ҳимоя реакциясидир. Ахир самолётимиз йўқ қилинди, XX асрда бундай ҳолда давлатлар қандай йўл тутишарди? Уруш бошланарди. Чунки бу тўғридан-тўғри ҳужумдан бошқа нарса эмас”, - деди у.

Аммо, унинг таъкидлашича, Москва вазиятни уруш даражасига олиб бормасликка қарор қилган: “Табиийки, бизнинг ҳолатимизда уруш энг ёмони бўларди. Айнан шунинг учун турклар қилган ишга симметрик жавоб бермаслик ҳақида қарор қабул қилинди, улар халқаро ҳуқуқни бузган бўлсалар ҳам, бизнинг давлатга нисбатан агрессия актини содир этган бўлса ҳам, халқаро ҳуқуқ тилида айтсак, casus belli, яъни уруш ҳаракатлари олиб бориш учун асос беришди. Россия раҳбарияти, мамлакат президенти бу ишни қилмади”.