Агар ижтимоий тармоқдаги хабарлар ва СМСларнинг охирида нуқта қўйилса, улар камроқ даражада самимийроқ қабул қилинади. Нью-Йоркдаги Бингемтон университети психологларининг аниқлашича, кўп одамлар нуқта тимсолида салбий ҳиссиётларни кўришади ва уларда суҳбатдоши ўзини нодўстона тутаётганлиги ёки ўз асл мақсадини яширишга уринаётганлигига шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда Washington Post нашри хабар бермоқда.

Олимлар 126 кишилик гуруҳ йиғиб, уларга ҳам электрон, ҳам қўлда ёзилган ёзишмалардан бир неча бўлакларни ўқишга беришди. Бир хабарда тасдиқ гап ва сўроқ бўлган, иккинчисида ижобий жавоб бўлган. Шу билан бирга ҳар бир бўлак иккита кўринишда: тиниш белгиларисиз ва улар билан бирга тақдим қилинган.

Натижада охирида нуқта турган электрон хабарлар синалувчилар томонидан энг сохта ва хуфиёна деб баҳоланди. Буни одамлар реал ҳаётда таянадиган муҳим ижтимоий ва мавзуга оид сигналлар йўқлиги билан тушунтириш мумкин. Психология профессори Селина Клиннинг айтишича, одамлар юзма-юз суҳбатлашганда ҳам барча ҳиссий маълумотларни қарашлар, мимика, овоз оҳанги ва бошқалар билан узатишади.

Электрон ёзишмаларда эса бу ҳиссиётлардан фойдаланиб бўлмайди. “Унда суҳбатдошлар уларда бор нарсаларга таянадилар: смайликлар, товуш оҳангига тақлид қилувчи атайлаб йўл қўйилган имловий хатолар ва бизнинг маълумотларга кўра, тиниш белгилари”, дейилмоқда Computers in Human Behavior журналида чоп этилган мақолада. Олимларнинг фикрича, охирида ундов белгиси қўйилган хабарлар самимийроқ қабул қилинади.