Санкт-Петербургда 1945 йил баҳорида Рейхстаг штурмида иштирок этганлардан энг охирги уруш фахрийси Николай Беляев 93 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Беляев билан охирги йиллар кўп мулоқотда бўлган Валентина Ильинага иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди.

“Николай Михайлович 93 ёшда эди, у умрининг охиригача фаол турмуш тарзини олиб борди, тарихий-ватанпарварлик ишини тўхтатмади”, деб айтди Ильина.

Шунингдек, Валентина Ильина “Пусть будет военная память строга. К истории знамени Победы” (“Ҳарбий хотира доимо қатъий бўлсин. Ғалаба тарихига”) деб номланган китоб тайёрлади. Китобнинг катта қисми Беляевга бағишланган.

Қайд этилишича, Иккинчи жаҳон уруши вақтида Беляев 756-полк комсорги бўлган. Айнан шу полк аскарлари биринчи бўлиб Рейхстагга кириб боришган.

Ғалабадан кейин Беляев Тинч океани флотида хизмат қилган ва 40 йилга яқин “Красное знамя” фабрикасида меҳнат қилган.