Сурия Россияга 700 минг тонна цитрус мева жўнатишни режалаштирмоқда. Бу, ўз навбатида, иқтисодий санкция киритилган Туркия меваларининг ўрнини босиши кутилмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берган.

“Биз Россияга 700 минг тонна цитрус мева, асосан, апельсин жўнатишга тайёрмиз. Биринчи партия Россияга аллақачон жўнатилди”, — дейилади маълумотда. Таъкидланишича, Россияга Суриядан бошқа маҳсулотлар, масалан, тўқимачилик маҳсулотлари ҳам жўнатиш режалаштирилмоқда.

Дамашқ савдо-саноат палатаси бошлиғи Самир Дибиснинг айтишича, Россиянинг Туркия маҳсулотларига нисбатан санкция эълон қилиши, суриялик тадбиркорларнинг Россия бозорларида ўз бизнесларини ривожлантиришга туртки бўлади.