Сурияда Туркия ҲҲК томонидан уриб туширилган Россиянинг Су-24 самолёти кўрсаткичлар борт ёзгичи топилди ва Россия президенти Владимир Путинга мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан кўрсатилди.

“Биз учувчимизни отиб ташлаган жангарилар жойлашган ҳудудда фаол ишладик, бу иш натижасида бу ҳудудлар самолёт экипажини қидириш бўйича махсус операция кучлари ва Сурия армияси махсус жангчилари томонидан тозаланди ва суриялик ҳарбийлар самолётимиз қулаган жойни топишди”, деб айтди Шойгу Путинга.  

Шойгунинг айтишича, жангарилар самолёт қулаган жойдан тезда чиқиб кетган. “Улар самолётдан ҳеч нарсани ечиб олишга улгурмаган ва самолётнинг борт ёзгичи топилди”, деб таъкидлаб ўтди Шойгу.

Путин борт ёзгични топишда ва уни етказишда иштирок этган барчага миннатдорчилик билдирди. “Албатта, самолёт экипажини қидириш ва қутқариш билан шуғулланган гуруҳдаги ҳарбийларимизга ҳам, бу борт ёзгични топа олган суриялик ҳарбийларга ҳам миннатдорчилик билдирамиз. Бу борт ёзгич нима юз берганига ойдинлик киритишга ёрдам беради”, деб айтди Путин.

Путин самолётнинг борт ёзгичини халқаро экспертлар кўз ўнгида очиш вазифасини юклади.

“Агар сиз уни очмаган бўлсангиз, унда сиздан уни очмасликни илтимос қиламан. Уни фақатгина хорижий мутахассислар билан бирга очиш керак ва барчасини батафсил қайд қилиш лозим”, деб айтди Путин. Путиннинг таъкидлашича, борт ёзгич самолётнинг ҳаракатланиш траекторияси ва уриб туширилган пайт қаерда бўлганини аниқлашга имкон беради.