Ноябрь ойи охирида Владимир Кличкони мағлуб этиб супероғир вазн тоифасида жаҳон чемпионига айланган британиялик Тайсон Фьюридан Халқаро бокс федерацияси (IBF) чемпионлик камарини олиб қўйди.

Манбанинг маълум қилишича, Фьюри ўзига тегишли бўлган ушбу чемпионлик камарини мажбурий даъвогар украиналик Вячеслав Глазковдан ҳимоя қилишни истамагани учун жазоланган.

У Глазковнинг ўрнига Кличко билан яна урушишни истаганди. Айни вақтда бокчининг вакиллари бу қарор юзасидан апелляция беришга тайёрланмоқда.

Энди IBF чемпионлик камари учун жанг Вячеслав Глазков ҳамда рейтингда тўртинчи ўринни эгаллаб турган ва мағлубият нималигини билмай келаётган америкалик панчер Чарльз Мартин ўртасида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

11 декабрь куни IBF ташкилотининг АҚШнинг Нью-Жерси штати Спрингфилд шаҳрида жойлашган штаб-квартирасида промоутерлар ўртасида ушбу чемпионлик жангига эгалик қилиш учун эркин савдо ўтказилади.