“Толибон” жангариларининг Афғонистондаги Қандаҳор шаҳри аэропортига уюштирган ҳужуми натижасида ҳаётдан кўз юмганлар сони 37 нафарга етди, дея хабар бермоқда Reuters. Вафот этганлар орасида ҳарбийлар ҳам, тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, ўн нафар толиб аввалига аэропортнинг яхши ҳимояланган қисмига ҳужум уюштиришди. Шундан сўнг улар унинг ҳудудига ўрнашиб олишга муваффақ бўлишди. Улар аэропорт комплекси биносида жойлашган мактаб ва ҳарбий базани эгаллашди. Мамлакат мудофаа вазирлиги баёнотида келтирилишича, барча жангари йўқ қилинган.

Мазкур босқинчилик санаси Ўрта Осиё хавфсизлиги бўйича минтақавий конференция бошланишига тўғри келди. Унда афғон етакчиси Ашраф Ғани дунё ҳамжамиятидан террорчиларга қарши курашда кўмак сўради.