Волгоградда таксичи ўзбек миллатига мансуб йўловчини ҳўл шими учун ўлдириб қўйган жиноят фош этилди

Жамият 09 Декабрь 2015 6795

Волгограднинг Калачев туманида 1,5 йил аввал содир этилган қотиллик фош этилди. Вилоят бўйича Россия тергов қўмитаси тергов бошқармаси раҳбари ёрдамчиси Наталия Куницкая қотиллик тафсилотларини айтиб берди.

Қотиллик фош этилиши арафасида ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари бедарак йўқолган аёлни излаб тумандаги ҳудудларни айланиб чиқиш пайтида инсон суякларини топиб олишган. Экспертиза суяклар ўз ўлими билан ўлмаган эркак кишига тегишли эканлигини кўрсатди.

Ушбу ҳолат юзасидан маҳаллий тергов бўлими жиноий иш қўзғатди. Ҳалок бўлган эркак ўзбекистонлик ҳеч каерда ишламаган фуқаро эканлиги аниқланди. У охирги пайтлар ушбу туманда яшаган. Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари эркакнинг ўлими билан якунланган ҳолатни тезда тиклашди.

Ўтган йилнинг июнь кунларидан бирида маст ҳолатда бўлган жиноят қурбони такси чақиртирган. Ҳудуддаги бир неча жойларга боргач, эркак таксичидан уни пляжга олиб боришни сўраган. Эркак чўмилгунча таксичи уни кутиб турган. Эркак ҳўл кийимда машинага яқинлашиб, унга ўтирмоқчи бўлган. Бироқ таксичи эркакдан ўтиришидан аввал ўриндиққа полиэтилен пакетни ёзишни сўраган. Бироқ ўзбек буни қилишдан бош тортган ва эркаклар орасида баҳс чиққан ва у муштлашувга айланиб кетган. Муштлашувда таксичи маст рақибига берган зарбалар унинг ўлимига олиб келган.

Таксичи эркакнинг танасини ўрмонзорга ташлаб, ўзи воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳайдовчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Тергов ишлари давом этмоқда.

Кўпроқ янгиликлар