Россиялик мухолиф сиёсатчи, ЮКОС нефть компаниясининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский унга қўйилган янги айбловлар юзасидан матбуот анжумани берди.

У ўз чиқиши давомида сиёсат билан шуғулланиш ўзига ҳеч қачон ёқмагани, лекин шунга мажбур бўлгани ҳақида айтиб ўтган.

Унга савол берган журналист, ундан сиёсий фаолиятни тарк этиши Россия ҳукуматига берган ваъдаси билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигига қизиққан.

"Қамоқдалигимда Путинга хат ёзганим рост. Хатимда мен бундан кейин сиёсат билан шуғулланмоқчи эмаслигимни ҳам баён қилганман", дейди Ходорковский.

Ходорковскийнинг айтишича, 2014 йилда қамоқ муддати якунланганида кейин Россия ҳукумати олдида ҳеч қанақа мажбурияти қолмаганини билдирган.

Унинг чиқиши YouTube’да “Открытая Россия” канали томонидан олиб борилмоқда.

Бироз олдинроқ, у ўз чиқишида Россия яқин вақт ичида инқилоб билан тўқнашишдан қочиб қутула олмаслигини айтганди.

Михаил Ходорковскийга нисбатан Нефтеюганск мэри Владимир Петуховнинг қотиллик иши юзасидан сиртдан айблов эълон қилинган.

Петухов 1998 йилнинг 26 июнида Ходорковскийнинг туғилган кунида ўлдирилган эди. 2005 йилда ушбу қотиллик иши бўйича ЮКОС нефть компанияси хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Алексей Пичугинга нисбатан айблов эълон қилиниб, у умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди.