Англиянинг «Челси» клуби ҳужумчиси Диего Коста Европа чемпионлар Лигасининг «Порту»га (2:0) қарши учрашувидан кейин берган интервьюси чоғида мавсумни ёмон бошлаганини тан олиб ўтди.

«Ўйинимни янада кучайтиришим керак бўлади. Мавсум боши мен учун оғир кечди. Евро-2016да Испания терма жамоаси таркибида иштирок этиш учун яхшироқ формада бўлишим керак. Бунинг учун тинмасдан ҳаракат қилишим талаб этилади. Ўзим учун нима керак эканини яхши биламан», дея Костанинг сўзларидан иқтибос келтиради Onda Cero нашри.

«Моуриньога машғулот кийимини отган вазиятим? Бунинг барчаси ўтмишда қолди. Мен ўшанда хатога йўл қўйгандим. Аммо Моуриньо билан ўртамизда ажойиб муносабатлар мавжуд. Эҳтиросга берилган пайтда ўзимизни босиб олсак, кифоя».

«Касильяснинг норозилиги? Ҳа, у ерда ваҳимали ҳеч нарса бўлгани йўқ. Биз у билан битта-иккита ҳазиллар алмашдик. Терма жамоа сардори билан ўртамизда қандай муаммо бўлиши мумкин?» дея сўзини якунлаган Коста.