Ҳозирда "Лестер" жамоасида юлдузлик онларини ўтказаётган жазоирлик футболчи Риёд Маҳрез 2015 йилнинг қишида Англиядан Францияга, "Марсель" жамоасига қайтиб келиши мумкин эди.

France Football нашрининг хабарига кўра, ўтган мавсумнинг қишки трансферлар мавсумида футболчининг агенти Франциянинг "Марсель" жамоасига мурожаат қилган ва клуб раҳбариятидан ўз мижози билан шартнома имзолашини сўраган. Лекин французлар бу сўровга нисбатан жуда беписандлик билан жавоб қайтаришган.

Жумладан, "Марсель" президенти Венсан Лябрюн уларга жуда қаттиқ муомилада бўлган.

"Сиз ростдан ҳам "Лестер"нинг жазоирлик футболчиси "Марсель"га тўғри келади деб ҳисоблайсизми? Мен сизларга вақт ажратиб шуни айтишим мумкинки, биз ўз таркибимизга савияли футболчиларни оламиз. Биз бундай паст савияли футболчи билан шартнома имзолаб, уни нолдан бошлаб тарбиялай олмаймиз. Умид қиламанки, мени тўғри тушундингиз", деган ўшанда Лябрюн.

Қайд этиш керакки, Риёд Махрез ўтган мавсумда "Лестер"нинг асосий ўйинчиларидан бири ҳисобланмас эди. У ўтган мавсумда жамоа таркибида 23та ўйинда асосий таркибда майдонга туширилган ва бу ўйинларда 4та гол уриб, 5та голли пас амалга оширган.

Янги мавсумда эса янги бош мураббий Клаудио Раньерининг ишончини қозона олган футболчи мавсумнинг биринчи ўйиниданоқ асосий таркибдан жой олди ва жамоа етакчисига айланди. У шу вақтгача ўтказилган АПЛнинг 15 тур учрашувидан кейин 10та гол урган ва 6та голли узатмага муаллифлик қилган.

Маълумот учун, Махрез Франциядаги "ААС Сарсель" жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2009 йилда тўртинчи дивизиондаги ҳаваскор жамоа "Кимпер" сафига қўшилган ва 27та ўйинда битта гол урган.

2010 йилда Махрез "Гавр"га ўтиб, ўринбосарлар жамоасида ўйнай бошлаган. У бу ерда кўзга кўринарли натижалар кўрсатган (биринчи мавсумда 13та, иккинчисида 11та гол). У 2011-12 йиллар мавсумида "Гавр"нинг асосий жамоасига ўтказилган. Иккинчи дивизионда иштирок этувчи бу жамоа таркибида Махрез 2012-13 йиллар мавсумида асосий таркибда мунтазам тушадиган бўлган. У "Гавр"нинг асосий жамоасидаги иккинчи мавсумида, чемпионатнинг тўққизинчи турида профессионал футболчи сифатида илк голини "Шатору" жамоасига урган ва жамоасига очко келтирган (1:1).

2014 йилнинг 11 январида Махрез 400 минг евро эвазига "Лестер Сити" таркибига келиб қўшилган ва жамоа билан 3,5 йиллик шартнома имзолаган. У чемпионшипдаги дебютини 2014 йилнинг 25 январь кунида "Мидлсборо" жамоасига қарши ўйинда амалга оширган. Ўшанда жамоа 2:0 ҳисобида олдинда бораётганида, 79-дақиқада Махрез майдонга туширилган. У кетма-кет 4 ўйинда захирадан ўйинга қўшилган ва битта гол урган. Ўша мавсум якунида "Лестер Сити" чемпионшип чемпионига айланган.

Махрез 1991 йилнинг 21 февралида Франциянинг Сарсель шаҳрида, Валь-д’Уаз мавзесида муҳожирлар оиласида дунёга келган. Отаси жазоирлик, онаси марокашлик.

Махрез Францияда туғилган бўлсада, Жазоир учун ўйнашга қарор қилди. У 2014 йилнинг 31 май кунида терма жамоадаги илк ўйинини Арманистон термасига қарши ўтказди. Уни Воҳид Халилхожич 2014 йилнинг ёзида Бразилия майдонларида ўтказилган мундиалга олиб кетди. Ёш футболчи Бельгияга қарши ўйинда иштирок этган.

Унинг "Лестер"даги муваффақиятларидан кейин "Арсенал" январда Риёд Махрезни харид қилмоқчилиги ҳақида хабар пайдо бўлди.

Кўп ўтмасдан "Барселона" ҳам ушбу футболчига қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар қилинди.