Япониянинг "Фукусима-1" станцияси ҳудудидаги ер ости туннелларидан бирида радиация даражаси 2014 йилги кўрсаткичларга қараганда 4 минг маротаба ортиб кетди. NHK телеканалининг хабарига кўра, мазкур натижа Tokyo Electric Power (TEPCO) оператор компанияси мутахассислари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида маълум бўлди.

2011 йил март ойидаги цунамидан сўнг вайрон бўлган мазкур туннелда 400-500 тонна радиоактив сув йиғилган эди. 3 декабрь куни эса ТЕРСО мутахассислари ушбу туннелдаги сувдан 1 литр ҳажмда намуна олишди. Якунда ундаги радиоактив цезий моддаси миқдори бир литрга 420 минг беккерел экани маълум бўлди. 2014 йилнинг декабрь ойида эса мазкур кўрсаткич 4-4,5 минг мартага камроқ эди. Бунинг сабаби ҳозирча аниқлаштирилгани йўқ.

Радиация миқдори ошган туннел юқорирадиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш иншоотидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган. Бироқ ТЕРСО мутахассислари туннел ва иншоот бир-бири билан боғланмаганини айтишмоқда. Демак, туннелдаги радиоактив материаллар чекланган муҳитда бўлиб, бошқа жойга сизиб ўтмайди.
Япония Вазирлар маҳкамасининг бош котиби Ёсихидэ Суга шу муносабат билан Токиода ташкил этилган матбуот анжуманида "Фукусима-1" АЭСда радиация сизиб чиқмаётганини маълум қилди.

"Сабаблар аниқлаштирилмоқда. Сизиб чиқиш ва теварак-атрофнинг зарарланиши (туннелдан ташқарига) кузатилгани йўқ. Tokyo Electric Power (TEPCO) оператор компанияси, шунингдек, Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги мутахассислари зарур чораларни кўришади”, - деди у.