Бугун, 10 декабрь куни Оқмўла шаҳри Қозоғистон пойтахти деб эълон қилинганига 18 йил тўлди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг бир қатор онлайн нашрлари ёзмоқда.

1998 йилнинг 6 майида Оқмўла шаҳрининг номи давлат раҳбарининг фармонига биноан Остона деб ўзгартирилган эди.

“Қозоғистон Республикаси пойтахтини кўчириш тўғрисида”ги қарор Олий Кенгаш томонидан 1994 йил 6 июлида қабул қилинган эди. 1995 йил 15 сентябрида президент қонун кучига эга “Қозоғистон Республикаси пойтахти тўғрисида”ги фармонни имзолади. 1997 йил 20 ноябрида эса Нурсултон Назарбоев “Оқмўла шаҳрини Қозоғистон Республикасининг пойтахти деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

1997 йил 8 ноябрида шаҳарга давлат рамзлари эталонлари олиб келинди, 10 декабрь куни эса парламент палаталари ҳамда ҳукуматнинг президент иштирокидаги қўшма мажлиси ўтказилиб, унда пойтахт кўчирилгани расман эълон қилинди.

Бугунги кунда Остона Қозоғистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири ҳамда сиёсий, маданий ва ишлаб чиқариш марказидир. Шаҳар аҳолиси 2015 йил 1 январь ҳолатига кўра 852 985 кишини ташкил этган. У аҳоли сони бўйича Олмаота ва Чимкент шаҳарларидан кейинги ўринда туради.