Навоий кон-металлургия комбинати маҳаллий ҳукуматга Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги 66та ижтимоий объект (мактабгача таълим муассасалари, стадионлар, клублар, қабристон, қурилиши тугалланмаган объектлар ва бошқалар)ни топширади. Бу ҳақда Review.uz хабар бермоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 октябрда имзоланган “Давлат мулки объектларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бир қисм ижтимоий объектлар келгусида самарали фойдаланиш учун топширилади.

Муассаса сайтининг маълумотига кўра, айни пайтда комбинатнинг балансида 19та болалар боғчаси, “Металлург” ва “Шахтёр” санатория-профилакторияси, “Ложувард” дам олиш базаси, “Кончи” пансионати мавжуд. Шунингдек, унинг қошида 5та стадион, 5та сузиш ҳавзаси, елканли спорт учун иккита база, 80дан зиёд спорт заллари ва майдонлари фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, комбинат қарамоғида 2та маданият саройи, 2та маданият уйи, 2 клуб, маданий-спорт маркази, болалар ижодиёти уйи, 5та кутубхона ва бошқалар мавжуд.