Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида Е гуруҳидан ўрин олган "Рома" жамоаси 18 имкониятдан 6 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўринни қўлга киритди. Гуруҳнинг яна бир вакили "Байер" ҳам сўнгги турда "Барселона" билан дуранг ўйнаб, очколари сонини 6тага етказди.

6 турдан кейин "Рома"да тўплар нисбати 11-16, "Байер"да эса 13-12 бўлди. Яъни, германияликларда яхшироқ.

Лекин айни вақтдаги қоидаларга кўра, гуруҳда икки жамоа очколари тенг бўлиб қолганида, тўплар нисбатига эмас, ўзаро ўйинлардаги натижалар ҳисобга олинади. "Рома" ва "Байер" ўртасидаги ўзаро ўйинларда римликлар яхшироқ натижа (1та ғалаба ва 1та дуранг) қайд этгани учун улар плей-оффга йўл олишди.

Жамоаларнинг Германияда ўтказилган биринчи ўйинида 4:4 ҳисоби қайд этилганди. Римда кечган учрашув эса "Рома"нинг ғалабаси билан тугаган.

Шу тариқа, "Рома" охирги турда БАТЭни енга олмаса ҳам (0:0), гуруҳдан чиқди. Бу орқали римликлар ўтган мавсумда "Зенит" қайд этган антирекордни такрорлади. Виллаш-Боаш бошқарувидаги санкт-петербургликлар ҳам ўтган мавсумда минимал очколар билан ЕЧЛнинг баҳорги ўйинларига йўл олишганди.