«Инстаграм» тармоғида пайдо бўлган фикрларнинг барчаси ҳам ҳақиқат бўлавермайди-ку, аммо истеъдодли хонанда Шоҳжаҳон Жўраевнинг бир неча йил илгари айтилган ва оммалашган «Фариштагинам» қўшиғи мусиқасидан олинган нусха борасида Аҳлиддин исмли мухлис билдирган эътироз эътиборни тортмоқда.

Зукко тингловчи хонандага йўллаган комментида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон яқинда куйлаган «Санамжон» қўшиғининг мусиқаси «Фариштагинам»нинг мусиқасига ўхшаши ҳақида фикр билдирган (расмга қаранг).

Тўғри, қўшиқларнинг бир-бирига ўхшаб қолиши билан боғлиқ воқеага биринчи марта дуч келаётганимиз йўқ. Бироқ хонандаларимиз сал олдин чет эл қўшиқларидан «фойдаланарди» ва ўшанда ҳам топқир мухлислар ким кимдан нусха кўчирганини дарҳол пайқарди. Буни қарангки, энди четга чиқишдан кўра, ўзимизникидан олиш урфга кираяпти. Демак, бизнинг қўшиқлар ҳам тобора «экспортбоп» бўлиб бораяпти...

Дарвоқе, бир-икки йил олдин «Ёдингдаму?» дея куйлаб, шуҳрат қозонган Масрур Усмонов ҳам аслида устоз ҳофиз Шерали Жўраевнинг «Қуёш ўлкаси» қўшиғини (соласидан тортиб, то ижро йўлигача) ўзлаштириб олиб, «Бўлиши мумкин эмас, буни ўзим яратдим» деган мазмунда гапирган эди. Кўрамиз, Сардор Раҳимхон зукко мухлис эътирозига қандай фикр билдираркин.

Яна бир қизиқ ҳолат. Аслида ўзлари мутлақо бировнинг қўшиғини айтганини ўзлари қатори ҳамма билиб турса-да, яна бир-бири билан “Мен биринчи айтганман. Нега сен ҳам куйладинг?” дея талашаётганлар пайдо бўлган дамда ўз қўшиғини биров ўзлаштириб олса-да, бир оғиз эътироз билдирмаётган хонандалар ҳам бор экан...

Шоҳжаҳон Жўраев - Фариштагинам

Сардор Раҳимхон - Санамжон