Люксембургда жойлашган Европанинг умумий юрисдикция суди Испаниянинг “Барселона” футбол клубига савдо белгиси сифатида клуб герби контурини рўйхатдан ўтказишга рухсат бермади. Бу ҳақда суднинг расмий сайтида чоп этилган қарорда маълум қилинди.

“Барселона” 2013 йилда савдо белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза берган, бироқ бу ариза Ички бозорда уйғунлаштириш идораси томонидан рад этилганди. Каталон клуби бу ҳукм юзасидан Европанинг умумий юрисдикция судида баҳслашишга қарор қилди.

Европанинг умумий юрисдикция суди, ўз навбатида, клуб гербининг қора контури савдо белгиси стандартларига тўғри келмаслиги ҳақида қарор чиқарди, чунки бу контур ўзига хос белгиларга эга эмас ва харидорларни жалб қилиш борасида кўримсиздир. Суднинг таъкидлашича, контурдаги нақш элементлари одатда тадбиркорликда безак элементи сифатида ишлатилади ва савдо белгиси бўла олмайди.