Россия ва Хитой Россиядан Хитойга дон етказиб бериш бўйича икки томонлама келишувга эришди. «Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, унда россиялик экспортчиларга қаттиқ талаблар қўйилган.

Мазкур ҳужжат йил охирига қадар имзоланиши кўзда тутилган. Аммо дастлабки меморандумга кўра, Хитой донни фақатгина аниқ ҳудудлардан аниқ шартлар асосида импорт қилишини билдирган. Масалан Хитой Олтой ва Красноярск ўлкаси, Новосибирск ва Омск вилоятларидан буғдой сотиб олишга тайёр. Маккажўхори, соя ва гуручни — Хабаровск, Приморск ва Байкалбўйи ўлкалари, шунингдек Амурск вилояти Еврейск автоном вилоятлари ҳудудидан харид қилишни истамоқда. Рапс ўсимлиги маҳсулотларини эса фақатгина Сибирь ва узоқ шарқий ҳудудларда етиштирилганларини сотиб олиш ниятида.

Россельхознадзор бундай шартларни хитойлик текширувчилар фақатгина ўша ҳудуд маҳсулотларининг Хитой хавфсизлик стандартларига мувофиқ келишини текширгани билан изоҳламоқда. Аммо бу шартларнинг энг асосийси эмас. Хитой томони дон маҳсулотларини қопланган ҳолда етказиб беришни талаб қилмоқда. Аммо энг оммабоп етказиб бериш йўли бу умумий битта идишга қуюлган маҳсулот саналади.

«Бутун дунё бўйича дон қуйма кўринишда етказиб берилади. Россияга эса донни қопларда етказиб бериш таклиф қилинган. Бу умуман паст рентабелли йўл саналади», — дейди дон маҳсулотлари бўйича кенгаш раҳбари Аркадий Злочевский.

Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамалакат ўз бозорига хорижий маҳсулотларни шунчаки киритиб қўймаслиги, шу боисдан улар қўяётган талаблар юқори эканини таъкидлаб ўтган.