Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллик байрами муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазири А.Ҳ.Комилов ўз нутқида Конституция қабул қилинган кун Ўзбекистон ва ўзбек халқи тарихидаги энг муҳим саналардан бири бўлиб қолганини қайд этди. Мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ва устуворликлари белгилаб берилган Асосий қонуннинг қабул қилинганидан эътиборан Ўзбекистон том маънодаги мустақил давлат бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ушбу муҳим ҳужжатга таянган ҳолда бошқа давлатлар билан ўз муносабатларини қурмоқда, ўзининг мустақил ташқи сиёсатини изчил юритмоқда. ТИВ марказий аппарати ва унинг хорижий мамлакатлардаги муассасаларининг фаолияти Конституцияга ҳамда президент Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясига мувофиқ равишда амалга оширилмоқда. Вазир томонидан таъкидланганидек, мазкур Концепция Асосий қонун меъёрларига асосланган ҳолда қабул қилинган.

"Конституция куни йилнинг сўнгги ойида нишонланади, шу боис биз якунланаётган йилни сарҳисоб қилмоғимиз ҳамда келажакдаги устуворликларни белгилаб олмоғимиз зарур", деди А.Ҳ.Комилов.

У, шунингдек, жорий йил ташқи сиёсат маҳкамаси учун самарадор бўлганини айтди. Олий даражадаги қатор ташриф ва музокаралар ўтказилди. Афсуски, дунёнинг турли ҳудудларида вазиятнинг кескинлашиши кузатилмоқда. Бундай шароитларда мустақил ички ва ташқи сиёсатни олиб бориш, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва илгари суриш биз учун муҳим вазифа ҳисобланади, дея ўз нутқини якунлади вазир.

Тантанали маросим Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ва Мусиқали комедия театрининг етакчи санъаткорлари ижросидаги ўзбек ҳамда чет эл мумтоз операси ва балети санъати намуналаридан ташкил топган маданий дастур намойиши билан якунланди.