Expedia ва Airlines Reporting Corp. сайёҳлик компанияларининг экспертлари жума кунини авиачипталар сотиб олиш учун ҳафтадаги энг номақбул кун деб аташди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри маълум қилди.

Маълумотлар таҳлили жума куни чипталар якшанбага қараганда 13 фоизга қимматроқ бўлишини кўрсатди. Экспертлар фикрича, бунга сабаблардан бири таътилга отланаётганларнинг дам олиш кунларига турларни қидиришга мойилликлари билан боғлиқ. Бундан ташқари, чипталарнинг жорий нархлар бўйича сотилиши жума куни тугайди ва кўп авиаташувчилар нархларни кўтарадилар. Чипталар, шунингдек, ҳафта давомида самолётлардаги барча арзон жойлар сотиб бўлиниши сабабли ҳам қимматлашади, янги авиакомпаниялар эса чипталарни дам олиш кунлари ёки ундан кейиноқ сотувга қўйишни афзал кўрадилар.

Тадқиқотчилар чипталар сотиб олиш учун энг мақбул кун деб сешанбани айтдилар. Бу куни авиакомпаниялар агар ўтган ҳафтадаги савдо ҳажми юқори бўлмаган бўлса, чипталарни сотувга чегирма билан чиқарадилар.

Халқаро йўналишларга чипталар нархи бир ҳафтада бир марта, яъни сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси қайта ҳисобланади. Янги нархлар евро курсига кўра шакллантирилади. Шу тариқа, авиакомпаниялар валюта нархининг ўзгариши билан боғлиқ ҳар кунги нархлар ўзгаришидан қочадилар.