Мюнхен шаҳрида "Бавария" жамоасининг бразилиялик футболчиси Дуглас Коста йўл-транспорт ҳодисасига йўлиқди. Бу ҳақда TZ хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, футболчи ўз агенти ва акаси Стефано Коста билан кетаётганида аварияга учраган. Хабарда айтилишича, улар минган машина чорраҳадан қизил чироқда ўтган ва трамвай билан тўқнашган.

Бу вақтда Коста орқа ўриндиқда бўлган.

Тўқнашув кучли бўлмаган ва ҳеч ким жиддий жароҳатланмаган.

Ушбу машина "Бавария" жамоасига тегишли бўлган ва футболчи етказилган зарар учун 7 минг евро тўлаган.

Маълумот учун, Коста шу йилнинг ёзида Украинанинг "Шахтёр" жамоасида германияликлар жамоаси сафига келиб қўшилганди. У шу вақтгача бундеслиганинг 12 учрашувида 2та гол урган ва 9та голли пас узатган.

У кичик жароҳат туфайли охирги 3та турни ўтказиб юборганди.