Сурия ҳукумати тўрт йиллик фуқаролик уруши оқибатида бўшаб қолган ғазнани тўлдириш мақсадида шаурмага солиқ солмоқчи. Бу ҳақда The Guardian нашри ёзмоқда.

Айтилишича, ҳукумат нефть ва газ конларининг катта қисми устидан назоратни йўқотгани ва санкцияларга дуч келганидан буён маҳаллий валюта кескин тушиб кетиб, фуқароларнинг даромадлари мисли кўрилмаган даражада пасайган.

“Ўтган ҳафта шаурма учун 220 Сурия фунти (1 доллар) тўлашимга тўғри келди, одатда унинг нархи 200 фунтни ташкил қиларди. Ресторан эгасининг айтишича, ҳар бир шаурмага нисбатан янги ўн фоизлик солиқ жорий қилинган”, - деди Дамашқда яшовчи 50 ёшл Тахсин исмли киши.

Шунингдек, туризм вазирлиги ресторан солиғини жорий қилган. Ҳукумат нон субсидияларини қисқартириб, сув ва электр энергияси нархини ошириб юборган.
Иқтисодий журналист Жиҳод Ёзиғийнинг эътирофига кўра, бундай чоралар Сурия иқтисодиётини ҳалокатдан қутқара олмайди: давлат харажатларини қисқартириб бораверади, фуқаролар камбағаллашиб бораверади, натижада аҳолининг аксарият қисми меҳнат муҳожирларига айланади, кўплар мамлакатни бутунлай тарк этишга мажбур бўлади.