Америка фуқароларининг ҳар бешинчиси бўйнидаги қарзлари билан вафот этади. Бу ҳақда MarketWatch портали CreditCards.com тадқиқотлар портали ва Employee Benefit Research Institute тадқиқотлар ташкилоти маълумотига асосланиб хабар қилди.

Тадқиқотлар натижасига кўра, 21 фоиздан кўпроқ америкаликлар барча кредитлари, жумладан, автокредитлар, кретид карталари, талабалик карталари ва бошқа қарзларини бутун умри давомида тўлай олмаслигини тан олган. Мазкур кўрсаткич бир йил ичида 3 фоизга ошган. Тадқиқотда мунтазам равишда минг нафар америкалик иштирок этади.

Employee Benefit Research Institute ташкилотининг қайд этишича, 13 фоиз меҳнат билан банд америкаликлар қарзлари тўғрисида “жиддий муаммолари” борлигини маълум қилган бўлса, 9 фоизи кредитларини қайтармасдан туриб нафақага чиққан. “Унча катта бўлмаган муаммолар” ҳақида эса 38 фоиз иш билан банд фуқаролар шикоят қилган бўлса, худди шундай муаммо билан 22 фоизи нафақага йўл олган.