Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев тадбиркорларни приватизация жараёни (давлат мулкининг қисман ёки тўлиқ хусусий қўлларга ўтиши)да фаол иштирок этишга чақирди. Жумладан, у “ёғ тўплаган” тадбиркорларга мурожаат қилди, дея хабар бермоқда Tengrinews.kz.

“Биз мазкур приватизацияни очиқ, ҳаққоний, ошкора тарзда ўтказиб, унга миллий ва ҳорижий сармоядорларни бир хил шартлар бўйича таклиф этамиз. Шунинг учун бизнинг ушбу йилларда ёғ тўплаган тадбиркорларимиз унда фаол иштирок этиши лозим”, - деди Қозоғистон президенти.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат приватизациялаш режалаштирилган давлат корхоналари рўйхати 22 декабрда эълон қилинади. Янги ижтимоий сиёсатнинг асосий вазифаси янги иш ўринларининг очилиши ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиради.