Ўзбекистонда бензин тақчиллиги муаммосини ҳал этиш йўли топилди

Ўзбекистон 11 Декабрь 2015 34241

Ўзбекистон яқин бир неча йил ичида метанолни қайта ишлаш орқали ундан бензин олиш ҳажмини оширмоқчи. Бу ҳақда Sputnik "Ўзкимёсаноат" акционерлик жамиятидаги ахборот манбасига асосланиб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 2016 йилдан Хитойнинг China САМС Engineering Со. компанияси томонидан олиб бориладиган замонавий поливинилхлорид комплекси қурилиши фаол босқичга чиқади. Мазкур муассаса томонидан поливинилхлориддан ташқари, йилига 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарилади.

“Комплекс 2018 йилда ишга туширилади. Биз бунга тайёр туришимиз лозим. Ҳозирда метанолни бошқа маҳсулотга айлантиришнинг янада самарали усулларини ишлаб чиқмоқдамиз. Истиқболли усулларидан бири метанолни бензинга айлантириш технологиясидир”, - дея қайд этди агентлик ахборот манбаси.

Мазкур йўналишда Япониянинг Mitsubishi ҳамда Даниянинг "Хальдор Топсе" компаниялари бошчилигида консорциум ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди. Айни пайтда томонлар “Навоийазот” базасида ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда. Унинг умумий қиймати 100 миллион долларга баҳоланмоқда. Мазкур маблағнинг 50 миллионини хорижлик сармоядорлар тақдим этиши лозим.

“Ўзнефтмаҳсулот" қайта-қайта Ўзбекистонда бензин тақчиллиги мавжуд эмаслигини иддао қилиб келаётганига қарамасдан, мунтазам равишда пойтахтдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин етишмовчилиги кузатилади. Мазкур масала вилоятларда янада мураккаб бўлиб, ноқонуний йўллар билан пойтахтдан бензин ташиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Кўпроқ янгиликлар