Россиянинг Суриядаги ҳарбий операцияси президент Владимир Путин кутганидек самарадор бўлиб чиқмади, бу ҳолат Москвани Вашингтон билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ундаши мумкин, деб ёзади The Politico нашри.

Америка урушни ўрганиш институти таҳлилчиси Крис Козакнинг фикрича, Россиянинг аралашуви урушда Сурия армиясининг устун бўлишига замин яратди, бунинг натижасида мувозанат ҳукумат фойдасига кўчди, мухолиф кучлар эса мудофаага ўтди.

Шунга қарамай АҚШ президенти Барак Обама Россия операциясининг самарасизлигини таъкидлашда давом этмоқда. Унинг айтишича, Россия Сурияда уруш ботқоғига ботиб қолиши, бунинг оқибатида мамлакат ичида террорчилик ҳаракатлари фаоллашиши мумкин. Исроил мудофаа вазири Моше Яалон ҳам Россиянинг Суриядаги ҳаракатларини “муваффақиятсиз” деб баҳолади.

Бир қатор экспертлар муваффақиятсизликнинг сабаби Россия ҳарбийлари суриялик ва эронлик ҳамкасблари билан хатти-ҳаракатларни мувофиқлаштириб бормаётганида деб ҳисобламоқда. Охирги маълумотларга қараганда, Эрон қўшинларининг ярмидан кўпини чақириб олган, негаки керакли натижаларни кўрмаган.