Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида “Озод Сурия армияси”нинг 5 мингдан кўпроқ кишидан иборат қисмлари ҳукумат қўшинлари билан биргаликда ИШИД жангарилари позицияларига ҳужум қилаётганини айтди.

“Алоҳида таъкидлайман, бизнинг авиагуруҳ иши ҳам ҳукумат қўшинлари, ҳам “Озод Сурия армияси” саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга кўмак бермоқда. Ҳозирда “Озод Сурия армияси”нинг умумий сони 5 мингдан кўпроқ одамни ташкил қилган қисмлари ва мунтазам қўшинлар Хомс, Хама, Ҳалаб ва Раққа вилоятларида жангариларга қарши ҳужумкор ҳаракатлар олиб бормоқда”, деб айтди Путин.

Путиннинг таъкидлашича, Россия “Сурия армиясини қўллаб-қувватлагандек, “Озод Сурия армияси”ни ҳаводан қўллаб-қувватламоқда, уларга қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва моддий воситалар билан ёрдам бермоқда”.

Аввалроқ Путин ҳарбийларга иложи борича қаттиққўлроқ ҳаракат қилишларини ҳамда Россия Қуролли кучларига Сурияда хавф солувчи исталган нишонларни йўқ қилишни буюргани маълум қилинганди.