Қирғизистонда давлатнинг илмий муассасалар билан алоқаларини тубдан ўзгартириш талаб қилинади, айнан шу мақсадда соҳада катта ўзгаришлар кутилмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Темир Сариев баёнот берди.

“Олимлар ўз олдиларига аниқ вазифалар қўйиб, давлатга керак натижа учун ишлашлари лозим, - деди у жума куни ўтказилган матбуот анжуманида. – Яъни, фаннинг муваффақияти ва истиқболлари унинг мамлакатнинг инновацион ўсишни таъминлаб бериши билан тўғридан-тўғри боғлиқдир”.

Шу билан боғлиқ равишда тегишли ислоҳотлар ўтказилиши ваъда қилинди.
“Фанни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш концепцияси ишлаб чиқилган, - таъкидлади Сариев. – Ушбу концепция доирасида бош вазир ҳузурида фан ва инновациялар бўйича кенгаш ва фан жамғармасини ташкил этиш кўзланган”.
Таъкидланишича, ушбу кенгаш аллақачон кадрлар ва молия масалаларини ечиш устида ишламоқда.