Қирғизистон ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото- ва видеофиксация қилиш тизимини жорий қилмоқда.

Молдова ИИВ Қирғизистон ички ишлар органларини ислоҳ қилишда ёрдам сифатида ўзининг қирғизистонлик ҳамкасбларига жиноий ва маъмурий жараёнларни автоматлаштириш тизимини бепул тақдим қилди. Бу тизим ҳужжат юритиш ҳамда маъмурий баённомалар ва йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун қарорларни автоматик тузиш билан боғлиқ функциялар учун ишлатилиши мумкин.

Таъкидланишича, мобиль мажмуа кўчалар бўйлаб назорат олиб борадиган патруль автомобилларига ўрнатилади. Стационар мажмуа эса йўл устидаги махсус устунларга ўрнатилади. Улардан олинаётган маълумотлар асосида тизим ҳайдовчилик гувоҳномасини мусодара қилмаган ҳолда ва қоидабузарнинг иштирокисиз жарима солиш ҳақида қарорни автоматик тузиш ва унинг нусхасини транспорт воситаси эгасига юборишга имкон беради.

Таъкидланишича, тизим йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото- ва видеофиксация қилишнинг асосий негизи бўлади. ИИВ йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд қилиш мажмуаларини олинган жарималарни ҳисобга олган ҳолда республика бюджетидан босқичма-босқич сотиб олади.