2015 йилнинг 11 ойи мобайнида Қозоғистонда саноат ишлаб чиқаришининг ҳажми 1.5 фоизга тушиб кетди. Бу ҳақда мамлакат миллий иқтисодиёт вазирлиги статистика қўмитаси хабар қилди.

“Саноат ишлаб чиқаришининг ҳажми 2015 йилнинг январь-ноябрь ойларида амалдаги нархларда 13 трлн 096 млрд тангани (42.2 млрд доллар) ташкил қилди; бу 2014 йил январь-ноябридаги кўрсаткичлардан 1.5 фоизга камдир”, - дейилади қўмита матбуот хизмати тарқатган хабарномада.

Идоранинг маълум қилишича, ҳисобот даврида қайта ишлаш саноати маҳсулоти ҳажми 0.3 фоизга ўсган. Тоғ-кон саноати ва карьерларни ишлаш ҳажми 2.4 фоизга тушиб кетган.
Қозоғистон ҳукумати 2015 йил якунларига кўра саноат ишлаб чиқариши ҳажми 1.8 фоизга тушиб кетишини кутмоқда. Шу билан бирга, 2016 йилда 0.4 фоизлик ўсишга умид қилинмоқда.