Россиянинг Приморье ўлкасида ўсмир “Мобил банк” функцияси ёрдамида аввал шу ерда яшаган АҚШ фуқаросининг SIM-картасидан 132 минг рубль пулни ечиб олди. Бу ҳақда минтақавий ички ишлар бошқармаси расмий сайтида хабар қилинди.

“17 ёшли Фокино фуқароси томонидан жиноят содир этилди. Ўсмирнинг онаси ўғли учун янги сим-карта сотиб олиб беради. Унда аввалги фойдаланувчининг маълумотлари киритилган “Мобил банк” хизмати ёқилган бўлган. Жабрдийданинг жамғармаси ва ҳисоб рақами тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган жиноятчи ўз телефонига 132 минг рублни ўтказиб олган”, - дейилади расмий хабар матнида.

Ўсмир ўз жиноятини тан олди. Унга нисбатан “Ўғирлик” айби бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ўғирланган маблағ эса жарбланганга ўсмирнинг ота-онаси томонидан қайтарилган.