11 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Плаза арт-марказида “Европа Иттифоқининг таълим кўргазмаси” иш бошлади. Унда Эразмус+ стипендия дастури ҳамда Европа Иттифоқига аъзо давлатлари грант дастурлари, шунингдек, Европа университетлари билан Ўзбекистон олий ўқув юртлари ўртасидаги илмий ҳамкорлик лойиҳалари ҳам намойиш этилади.

Кўргазма доирасида Эразмус Мундус дастури битирувчиларининг Европада ўқиш ва танлов жараёнидаги муваффақият стратегиялари бўйича тақдимотлари, таъсирчан резюме ва асословчи хат ёзиш бўйича тренинглар ўтказилади. Кўргазма давомида ташриф буюрувчилар ўртасида лотерея ўйини ўтказилиб, ғолибларга Европа Иттифоқи томонидан ютуқлар топширилади.

Маълумот учун, Европа Иттифоқининг таълим, касбий ўқитиш, ёшлар ва спорт ривожини қўлловчи Эразмус+ дастури доирасида Европанинг 33 мамлакати ва дунёнинг барча минтақаларидаги 125000 ташкилот ва 4 миллион кишини қамраб олувчи таълим дастурлари ва грантларни молиялаш учун 2014-2020 йиллар давомида умумий ҳажми 14 миллиард евролик бюджет режаланган.

Эразмус+ дастурининг илк танлови натижалари республика олий ўқув юртларида янги дастурда қатнашиш учун катта қизиқиш борлигини яна бир бор тасдиқлади, шунингдек, Марказий Осиё минтақаси учун лойиҳалар танлаш жараёнидаги статистика кўрсаткичларининг яхшиланиши ҳам шундан дарак бермоқда. Марказий Осиё бўйича 23 та лойиҳа танлаб олинган ва шулардан 12тасида Ўзбекистон олий ўқув юртлари иштирок этади.

Тошкентдан 13та ва 8 вилоятдан 14та, жами Ўзбекистоннинг 27та олий ўқув юртидаги лойиҳа гуруҳлари Европа Иттифоқининг 14 аъзо давлатидаги 42та университетлари ҳамкорлигидаги 8 минтақавий ва 4 миллий лойиҳаларга жалб этилади. 
Плаза арт-маркази (Амир Темур проспекти, 107, Бодомзор метро станцияси)да бўлиб ўтаётган кўргазмада қатнашишни истаганлар ёнида, хавфсизлик нуқтаи назаридан, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши лозим.