Россиялик тижоратчи ва мухолифатчи сиёсатчи Михаил Ходорковский Нефтеюганск ҳокими Владимир Петуховни ўлдиришни ташкиллаштиришда, шунингдек, яна икки шахсни ўлдиришга уринишда айбланди. Бу ҳақда Россия тергов қўмитасининг сайти орқали хабар қилинди. Яқин вақт ичида Ходорковский қидирувга берилади.

Айтилишича, ушбу жиноят учун Леонид Невзлин, Алексей Пичугин, Геннадий Цигельник, Евгений Решетников ва Владимир Шапиролар жиноий жавобгарликка тортилган бўлишига қарамай, тергов ҳаракатлари давом эттирилган. Бу иш якунларига кўра бу жиноятларга Ходорковскийнинг алоқадорлиги ҳамда унда “ўта фаол иштирок этгани” аниқланган.

Тергов маълумотларига қараганда, ўша пайти ЮКОС нефть компанияси бошқаруви раиси ва акциядори бўлган Ходорковский ходимлари Невзлин ва Пичугинга Петухов ва Евгений Рибинни ўлдиришни топширган. Рибин Австриянинг East Petroleum Handels компанияси бошқарувчиси бўлган.

Нефтеюганск ҳокими 1998 йилнинг 26 июнида ўлдирилган. Унинг ёнида бўлган Вячеслав Кокошкин омон қолган. Рибиннинг жонига суиқасдлар 1998 йилнинг 24 ноябрь ва 1999 йилнинг 5 март кунлари амалга оширилган. Бу суиқасдлар мобайнида унинг тан соқчиси отиб ташланган, яна икки киши яраланган.

Ходорковский ўзининг бу қотилликлар ва суиқасдларга алоқадорлигини инкор қилмоқда. Шунингдек, тергов қўмитасининг даъватномасини олгач, у тергов ҳаракатларида иштирок этмаслигини маълум қилди.