Ҳиндистоннинг DC Design компанияси 2012 йилда намойиш қилинган ўзининг биринчи Avanti суперкарининг “қувватланган” версиясини яратди. Янги машина Avanti 310 special edition деб номланди. Машинанинг мотори қуввати 250 от кучидан 310 от кучигача оширилди. Бундан ташқари, ўзгартирилган аэродинамик обвес (ташқи безак деталлари) ва пасайтирилган подвеска пайдо бўлди.

Мотор Renault Megane RS хот-хэтчидан олинган. Узатмалар қутиси – олти поғонали “механик” кўринишда. Қўшимча ҳақ эвазига автоматлаштирилган узатмалар қутисини олиш мумкин.

Янги аэродинамик обвес карбондан ишланган сплиттер, ён “юбкалар”, орқа диффузор ва аксқанотни ўз ичига олади. Подвеска 20 миллиметрга пасайтирилди ва энди машина кузови билан йўл ўртасидаги оралиқ 150 мм ни ташкил қилади. Шунингдек, кузовнинг икки рангдаги бўёғининг янги вариантлари пайдо бўлди.

Машина сотувга 2016 йил апрелидан чиқарилади. Машинанинг нархи 65 минг долларни ташкил қилади. Компания ҳаммаси бўлиб бундай машинадан 31 дона чиқармоқчи.

Маълумот учун, DC Design компаниясига 1993 йилда мумбайлик дизайнер Дилип Чабрия асос солган. Компания мавжуд автомобиль маркаларини қайта жиҳозлаш билан шуғулланади ва онда-сонда ўзининг концептларини яратади. 2013 йилда компания яратган футуристик концепт тасвири асосида барча йўлларда юра олувчи Renault Duster автомобили яратилган.