Россиянинг “Силовые машины” компанияси Чорвоқ гидроэлектр станциясининг учинчи гидроагрегати модернизациясини якунлади, деб хабар бермоқда Sputnik нашри мухбирига “Ўзбекэнерго” АЖдаги манба.

Чорвоқ ГЭСнинг 4 та гидроагрегатини модернизация қилиш бўйича шартнома Россия компанияси ва “Ўзбекэнерго”нинг шўъба корхонаси – “Ўрта-Чирчиқ ГЭС каскади” унитар корхонаси билан 2011 йилда имзоланганди.

“Бугунги кунда Россия компанияси 3-гидроагрегатда барча ишларни якунлади. Яқин 2-3 кун ичида объектни ишга тушириш ва электр энергия олишни режалаштирмоқдамиз”, деб айтди манба.

Манбанинг айтишича, Россия яна битта гидроагрегатни мордернизация қилиши керак. Аввалроқ Россия компанияси 1- ва 2-гидроагрегатлардаги ускуналарнинг бир қисмини алмаштириб, ҳар бир гидроагрегатнинг қувватини 15 мегаваттгача оширганди.

Чорвоқ ГЭСини модернизация қилиш лойиҳаси 56,5 млн долларга баҳоланмоқда. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши ГЭСнинг қувватини 45 мегаваттга оширишга имкон беради ҳамда станциянинг ишончлилигини оширади ва эксплуатацион кўрсаткичларини яхшилайди.

Чорвоқ ГЭСининг ҳозирги кундаги қуввати 620 МВтни ташкил қилади.