Евро-2016 турнири ғолиби 27 млн евро мукофот олади

Спорт 12 Декабрь 2015 1778

2016 йили Франция майдонларида ўтказиладиган Европа чемпионатининг умумий соврин жамғармаси 301 миллионни ташкил этади, ғолиб эса шундан 27 миллионига эга бўлади. Бу ҳақда 11 декабрь куни ўтказилган матбуот анжумани вақтида УЕФА бош котиби Жанни Инфантино маълум қилди.

Унинг билдиришича, турнирда иштирок этишнинг ўзи учун ҳар бир терма жамоага 8 миллион евродан берилади. Турнирдаги ҳар бир ғалабали ўйинга 1 миллион евродан, дуранг учун эса 500 минг евродан тақдим этилади.

Плей-офф босқичидаги натижалар учун алоҳида бонуслар ажратилмаган. Бунинг ўрнига нимчорак финалдаги иштирок учун 1,5 млн, чорак финалчиларга эса 2,5 млн евродан маблағ берилади. Яримфиналчилар 4 млн евродан олишади. 10 июль куни Париждаги "Стад де Франс" ўйингоҳидаги финални ютган терма жамоага эса 8 млн, ютқазган финалчига эса 5 млн евро берилиши кўзда тутилган.

Қайд этиш керакки, турнирда бу сафар иштирокчи жамоалар сони 16тадан 24тагача оширилган. 2012 йилда турнирнинг мукофот жамғармаси 198 миллион евро бўлганди.

Кўпроқ янгиликлар