Ироқ томонидан БМТ Хавфсизлик кенгашига йўлланган шикоятномада ташкилотда Туркияни Ироқ ҳудудини тарк этишга мажбурлаш сўралган.

"Биз Хавфсизлик кенгашидан Туркия ҳарбийлари Ироқ ҳудудидан зудлик билан чиқиб кетишини таъминлашини сўраймиз.. ва улар бизнинг суверенитетимизни қайтиб бузмасин", дейилади Ироқнинг БМТдаги элчиси Муҳаммад Али ал-Ҳаким томонидан ёзилган шикоят хатида.

Унинг билдиришича, Туркиянинг ҳаракати Ироқнинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиш ҳисобланади.

Декабрь ойи бошида Туркия ҳукумати курд халқ қўшинлари жангчиларини тайёрлаш баҳонасида Ироққа 900 кишилик отрядни юборганди. Расмий Бағдод бунга қарши норозилик билдирди, бироқ Туркия қўшинларни олиб чиқиб кетмади.