Ироқ ҳукумати номидан БМТ Хавфсизлик кенгашига йўлланган мактубда Туркия ташкилот низомини ва халқаро ҳуқуқ қоидаларини бузгани айтилган. Рейтер хабарига кўра, Ироқ шимолига Туркия ҳарбийлари киритилиши шундай баҳоланган.

"Бу БМТ низомини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Ироқ давлати суверенитети ва ҳудудий дахлсизлиги Туркия томонидан бузилди", дейилади Ироқнинг БМТдаги вакили Муҳаммад Али ал-Ҳаким томонидан Хавфсизлик кенгаши вакили лавозимини бажараётган Саманта Пауэр номига ёзилган шикоятномада.

Бундан ташқари, Ироқ элчиси Хавфсизлик кенгашидан Туркия ҳарбийлари тезда олиб чиқиб кетилиши кераклиги таъкидланган.

Бироз олдинроқ, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ироқнинг БМТга шикоят қилиши "ноҳалол қадам" бўлганини айтиб чиққанди.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи бошида Ироқ шимолида ИШИД қўлига ўтган Мосул шаҳри яқинида туркиялик ҳарбийлар бўлинмаси пайдо бўлди. Расмий Анқаранинг маълум қилишича, бу бўлинма ҳарбийлари ИШИДга қарши кураш олиб бораётган курдларни шуғуллантириши кўзда тутилган. Расмий Бағдод эса Туркиядан зудлик билан ўз аскарларини олиб чиқиб кетишини талаб қилган. Туркия бу талабни қондирмай келмоқда.