Саудия Арабистонида ёш ишсиз фуқароларини иш ўринлари билан таъминлаш учун чет эллик меҳнат муҳожирлари сонининг кескин қисқариши миллий иқтисодиётга зарар келтиради. Бу ҳақда мамлакат меҳнат вазири ўринбосари Аҳмад бин Солиҳ ал-Ҳумайдан ArabNews ресурсига берган интервьюсида маълум қилди.

Маълумки, яқинда Саудия Арабистонида меҳнат муҳожирлари сонини кескин қисқартириб, маҳаллий ёшларни иш билан таъминлаш ташаббуси илгари сурилди, айни пайтда таклиф қизғин муҳокама қилинмоқда. Аммо ал-Ҳумайдан бу ташаббусни ёқлаб чиқмади. Унинг таъкидлашича, меҳнат бозорининг 85 фоизини чет элликлар эгаллаб бўлган.

“Бундай чора-тадбирлар кўрилса, бу меҳнат бозорига зиён келтиради, айниқса унинг хусусий секторга хизмат кўрсатувчи қисмига, бу эса миллий иқтисодиётга жиддий зарар бўлади”, - таъкидлади амалдор.
Бу баёнотни ал-Ҳумайдан 7-ар-Риёд иқтисодий форумидаги чиқишида, айрим иштирокчиларнинг меҳнат бозорида чет элликларни камайтиришга бўлган чақириқларига жавобан берди.