Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Каддафининг тўртинчи ўғли, шиалар томонидан гаровда тутиб турилган Ганнибал Каддафи Ливан полицияси томонидан қутқариб олинди ва Байрутга олиб келинди. Бу ҳақда Ливан хавфсизлик хизматидаги манбасига асосан Ассошиэйтед Пресс хабар тарқатган.

Каддафи Байрутдан 80 км масофадаги Баальбек шаҳрида тутиб турилган эди. Унинг тирик қайтарилиши қандай сабаб эвазига амалга оширилганига полиция изоҳ бермаган.

Каддафининг ўзи томонидан маълум қилинишича, уни шиа жангарилари бир неча ўн йил олдин йўқолиб қолган шиа имоми ҳақида маълумот олиш учун ўғирлашган.

Ганнибал Каддафининг ўғирлаб кетилгани ҳақидаги маълумот 11 декабрь тонгида маълум қилинганди. У Байрутга рафиқасининг олдига келганида "Амаль" гуруҳи вакиллари томонидан ўғирланган.

Шу куни Al-Jadeed TV телеканали орқали гаровдаги Ганнибал чиқиш қилиб, ўз аҳволи яхши эканини айтган ва одамлардан шиаларнинг имоми Мусо Садр ҳақида қандайдир маълумот беришларини сўраган. Бу имом 1978 йилда Ливия ҳудудида ўзининг икки ҳамроҳи билан изсиз ғойиб бўлганди.

Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Каддафи 2011 йилнинг октябрида 1,5 йил давом этган фуқаролар уруши якунида исёнчилар томонидан шафқатсизларча ўлдирилганди.

2015 йилнинг ёзида унинг катта ўғли Сайф ал-Исломга отиб ўлдириш жазоси тайинланди.

Сайф ал-Исломнинг рафиқаси жазони юмшатишни сўраб қилган мурожаати инобатга олинмаган.

Каддафининг иккинчи ўғли, Саъдий Каддафий устидан суд жараёни бошланганига кўп вақт бўлмади. У 2011 йилга инқилобдаги норозилик намойишларини куч билан бостиришда ва юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлишда айбланмоқда. Бундан ташқари, у Ливия футбол федерацияси мулкини ноқонуний ўзлаштириш ҳамда ливиялик таниқли футболчи Башир ар-Риёнийнинг ўлимида айбланмоқда.

Ёзда интернетда Муаммар Каддафининг бу ўғли қийноққа солиниши тасвирланган видео тарқалганди.

2011 йилги инқилобдан кейин, август ойида Муаммар Каддафининг рафиқаси София Фарқаш 3 фарзанди билан, Ойша, Ганнибал ва Муҳаммад билан Жазоирга қочишганди. Кейинроқ оилага Уммондан сиёсий бошпана берилган.

Каддафининг жами 7 нафар ўғли ва бир қизи бор эди.

Бешинчи ўғил Муттазим Билла армия зобити бўлган. У 2011 йилнинг 20 октябрида (37 ёшдалигида) Мисрат шаҳридаги жанг вақтида, ҳалок бўлган.

Олтинчи ўғил Саиф ал-Араб Каддафи 1982 йилда туғилган. Мюнхен техника университетида ўқиган Саиф ҳарбий соҳага алоқадор бўлмасада, 2011 йилнинг 30 апрелида Триполида ўлдирилган.

Каддафининг энг кенжа ўғли Хамис ал-Каддафи 1983 йилда Триполида туғилган, ёш бўлишига қарамасдан отасининг ишонган генералларидан бирига айланган. У 2011 йилнинг 29 августида Ал-Мағриб шаҳридаги жангда ҳалок бўлган.

Экспертларнинг таъкидлашича, янги ҳукумат ўз рақибларидан ўч олиш билан овора экан, мамлакат ИШИД плацдармига айланиб қолмоқда. Суриядаги ихтилоф туфайли Ливиядаги вазият жаҳон ҳамжамияти наздида иккинчи даражага тушиб қолди, лекин Каддафининг ағдарилиши билан мамлакатдаги вазият яхшиланмади.

БМТнинг охирги ҳисоботига кўра, Ливияда ИШИДнинг бўлинмалари мустаҳкам ўрнашиб олган бўлиб, Африканинг бошқа давлатларига киришда айнан шу ердан фойдаланмоқда. Бу пайтда эса мамлакатнинг янги ҳукумати эски рақибларини йўқ қилиш билан овора. Каддафининг ўғилларидан бири Сайфулислом қатл ҳукмининг ижросини қамоқда кутмоқда. Унинг укаси Саъдий эса, суд ишни кўриб чиқишни вақтинчалик тўхтатганига қарамай, бир неча ойдан буён қамоқда сақланиб келмоқда.

БМТ мутахассисларининг фикрича, Ливияда ИШИДнинг 2 минг жангариси бор, ва улар ҳукуматнинг кучсизлигидан фойдаланиб, мамлакат ичидаги ҳудудларини кенгайтирмоқда. Бинғози ва Сирт шаҳарлари аллақачонлар жангарилар назорат остида. Сиртнинг ўзидаёқ 1.5 минг жангари турибди. ИШИД расмийлари бир неча маротаба Ливия ўз фаолиятини нафақат Африка, балки Европа томон кенгайтириш учун энг тўғри келадиган мамлакат эканлигини айтган эди. Ливия денгиз орқали Италия билан чегарадошдир.

Айни кунларда мамлакатда икки ҳукумат, уч этнос ва кўплаб террорчи гуруҳлар ўртасидаги кураш давом этмоқда.