Саудия Арабистони шаҳзодаларидан бири, миллиардер Альвалид Талал АҚШ президентлиги учун номзодлардан бири, республикачи Дональд Трампни Республикачилар партияси ва АҚШ юзидаги доғ деб атади. Бунга сиёсатчининг мусулмонларни АҚШга киритмаслик ҳақидаги чақириғи сабаб бўлган. Бу ҳақда The Times of India нашрида ёзилган.

"Сиз нафақат Республикачилар партиясини, балки бутун Американи шарманда қилдингиз. Президентлик пойгасини тарк этишингиз керак, чунки бу гапларингиздан кейин сиз бари бир сайловда ғалаба қозона олмайсиз", деб ёзади шаҳзода ўз твиттери орқали Трампга қарата.

Кўп ўтмасдан Трамп бунга ўз услубида жавоб қайтрган.

"Саудиялик аҳмоқ шаҳзода Альвалид америкалик сиёсатчиларни ўз пуллари орқали назорат қилишни истаб қолибди. У мени танлаб хато қилибди, у ҳеч қачон истагига эриша олмайди", дея ёзган Трамп.

Бундан олдинроқ, The Washington Post газетасида мусулмонларга қарши чиқишидан кейин Дональд Трампнинг сайловчилар орасида нуфузи ошгани ҳақида хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, ҳафта аввалида Трамп АҚШга мусулмонларни киритмасликни таклиф қилганди.

Кейин уни собиқ боксчи Муҳаммад Али ва Фейсбук асосчиси Марк Цукерберг мусулмонларга қарши маломатлари учун танқид қилиб чиқди.

Amazon раҳбари Жефф Безос эса Трампни фазога жўнатиб юборишни таклиф қилган.

Шунингдек, Трампнинг Британияга киритилишини тақиқлаш илтимосномаси рекорд ўрнатди.