Суриядаги ихтилоф давомида террорчилар томонидан деярли 50 млн баррель нефть ўғирланган

Жаҳон 12 Декабрь 2015 1619

Террорчилик гуруҳлари, шу жумладан ИШИД Суриядаги ихтилоф бошлангандан 2015 йил охирига қадар Суриядан 48 млн баррель нефть ўғирлаган. Бу ҳақда Суриянинг нефть вазирлиги матбуот-хизматига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

Нефть вазирлиги маълумотларига кўра, 5 йиллик уруш давомида Суриянинг молиявий йўқотишлари 46 млрд долларни ташкил қилди, улардан 6,5 млрд доллари АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Суриядаги нефть ва газ объектларига берилган зарбалардан кўрилган моддий зарарни ташкил қилади.

Матбуот хизматида маълум қилинишича, террорчилик гуруҳлари назоратида Ал-Хасака вилоятидаги 3 та нефть кони, Раққа ва Дайр аз Заурдаги конлар ҳамда Хомс вилоятидаги бир қатор йирик конлар қолмоқда. Суриянинг шимоли ва шимоли-шарқидаги нефть конларининг катта қисми ИШИД томонидан назорат қилинади.

Аввалроқ ИШИД Сурия ва Туркияга нефть сотишдан ойига 40 млн доллар даромад олаётгани маълум қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар