АҚШнинг Жоржия штатида мактаб ўқитувчиси мусулмон ўқувчи қиздан унинг рюкзагида бомба бор-йўқлигини сўраган. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги маълум қилди. 13 ёшли қиз отасининг айтишича, унинг қизи бундан жуда хафа бўлган.

“Мен ўз фарзандларимни одамларни ёмон кўриш ёки ўзларини бошқалардан устунроқ қўйишга ўргатмаган”, деб айтди қизнинг отаси. АҚШда озиқ-овқат дўконига эга бўлган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган, келиб чиқиши сомалилик бўлган бу эркак ўз қизини бу мактабдан бошқа мактабга ўтказмоқчилигини айтди.

Хижоб ўраб юрадиган қизнинг айтишича, ўқитувчи уни коридорга олиб чиқиб, ҳозирда дунёда рўй бераётган воқеаларни ҳисобга олган ҳолда қизнинг ҳазиллари жуда чуқурлашиб кетганини айтган.

Мактаб жойлашган Гуиннетт тумани мактаб таълими тизими вакили Слоан Роач мактаб директори қизнинг оиласига ўз узрини келтиргани айтган. Роачнинг айтишича, мактаб ходимлари эътироз ёмон ният билан қилинганига ишонишмаяпти. Роачнинг таъкидлашича, ўқитувчи мактаб ўқувчилари рюкзакларини тезда йиғиштириб олишларини истаган ва секинроқ ҳаракат қилган қизга “Нима рюкзагингда бомба борми?”, деб айтган.

Таъкидланишича, қиз ва унинг отаси ўқитувчини кечиришган.

Америка-ислом муносабатлари кенгашининг маҳаллий бўлими бошлиғи Юсуф Буркенинг айтишича, бўлиб ўтган бу нохуш воқеа исломдан қўрқув – исломофобия одамлар ўртасидаги муносабатларга қанчалик таъсир кўрсатишини намойиш қилади.