Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россия ва Туркия муносабатларида юзага келган эскалацияни бартараф этишга чақирди.

У бу ҳақида Ашхободда бўлиб ўтган “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавхусидаги халқаро анжуман вақтида айтиб ўтган.

У Беларусь президенти Александр Лукашенко бу фикрини қўллаб-қувватлашини ва Россия ҳамда Туркияга шу бўйича мурожаат қилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган.

"Икки мамлакат ўртасидаги кескинлик юмшатилиши, дўстона қўшничилик алоқалари тикланиши керак. Бу икки давлат анча вақтлардан буён биродар давлатлар эди", дейди Атамбаев.

Ундан олдинроқ, Беларусь президенти Александр Лукашенко бу икки давлат ўзаро зиддиятни ҳал қилиши учун ҳеч бўлмаганда "ярим қадам" ташлаши зарурлиги ҳақида айтиб ўтганди.

24 ноябрь куни Сурия ҳудудида ҳаракатланаётган Россиянинг Су-24 русумли ҳарбий бомбардимончи самолёти Туркия томонидан ўз чегараларини бузиб ўтганликда айбланиб, уриб туширилганди. Россия томони эса самолёт фақат Сурия осмонида ҳаракатланганини айтган. Шундан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашди ва бир қатор соҳалардаги алоқалар тўхтатилди.