Эгей денгизи ҳудудида Россиянинг "Сметливый" номли кемасига яқинлашиб келган Туркиянинг балиқ овловчи кемасига соқчи кема томонидан огоҳлантирувчи сигналлар юборилди ва кейин ўқ узилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигига асосланиб, ТАСС нашри хабар берган.

"Москва вақти билан 13 декабрь куни, соат 09:03да қўриқчи кема лангар ташлаб турган "Сметливый" кемасидан 1 км масофадаги туркларнинг қайиғини пайқаган. Россия кемаси кўп марта туркларнинг балиқчи кемаси билан алоқа ўрнатишга уринган. Бунинг учун махсус сигналлар юборилган ва осмонга ракеталар учирилган. Лекин иккинчи томондан бунга жавоб қайтарилмаган", дейилади вазирлик хабарида.

Балиқчи кема Россия кемасига 600 м масофада яқинлашиб келганидан сўнг, ўт очишга тўғри келган.

"Турклар кемаси ўта хавфли даражада яқинлашганидан сўнггина ўт очилди", деб таъкидланган хабарда.

Вазирлик маълумотига кўра, ўт очилганидан сўнг турклар кемаси дарҳол курсни ўзгартирган ва руслар билан алоқага киришмаган ҳолда ҳаракатланишда давом этган.

Бу ҳодиса Грециянинг Лемнос оролига 22 км масофада юз берган.