Россия Теннис федерацияси вице-президенти, собиқ теннисчи Евгений Кафельников футбол бўйича Россия терма жамоасининг 2016 йилги Европа чемпионатидаги имкониятлари ҳақида фикр билдирди. У ўз твиттерида Леонид Слуцкий шогирдларининг турнирдаги имкониятларини паст баҳолаган.

"Буни тан олиш қайғули, лекин Россия термаси Евро-2016 турнирида гуруҳ босқичидан нариёғига ўта олмайди", деб ёзади у.

12 декабрь оқшомида Париж шаҳрида 2016 йилги Европа чемпионатининг якуний финал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Қуръа натижаларига кўра, Россия терма жамоаси "В" гуруҳида Англия, Уэльс ва Словакия терма жамоларига қарши баҳс олиб борадиган бўлди.

Қуръадан кейин Россия Футбол иттифоқи президенти ҳамда Россия спорт вазири Виталий Мутко терма жамоа осонлик билан гуруҳдан чиқишини башорат қилганди.

Ундан олдинроқ, Мутко қуръа натижаси қандай бўлиши муҳим эмаслиги, Россия терма жамоаси Европанинг энг кучли термаларидан бири экани ва шунинг учун россияликларга кимга қарши ўйнашнинг фарқи йўқлиги ҳақида гапирганди.