Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун 11-12 декабрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди.

Президентимиз хорижий давлатлар раҳбарлари билан бирга Бетараф Туркманистон майдонига ташриф буюрди. Ушбу мамлакатнинг бетарафлиги тимсоли бўлган Бетарафлик монументи пойига гул қўйди.

1995 йил 12 декабрда Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақоми тан олингани тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси қабул қилинган.

Ушбу сананинг 20 йиллиги муносабати билан Ашхободда “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади ва жумладан қуйидаги фикрларни билдирди.

“Туркманистоннинг доимий ижобий бетарафлик мақомига эга давлат сифатида замонавий ривожланиш даври бевосита Гурбангули Бердимуҳамедов номи билан боғлиқдир. У Президент лавозимида фаолиятини бошлагач, Туркманистоннинг бетарафлик мақоми сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойиди”, деди Президентимиз.

Гурбангули Бердимуҳамедов 2007 йил БМТ минбаридан Туркманистоннинг халқаро ҳамжамият учун очиқлиги, мамлакатнинг бошқа давлатлар билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини баён қилиб, бетарафлик ўз қобиғига ўралиб қолиш, халқаро муносабатлар ва ҳамкорлик алоқаларидан ўзини тийиш деган тушунчаларга чек қўйди. Бу билан Туркманистоннинг янги ташқи сиёсат стратегиясини белгилаб берди.

Ўтган давр мобайнида Туркманистон Президенти халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, транспорт-коммуникация, энергетика соҳалари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Оролни қутқариш бўйича ҳамкорликка оид долзарб масалалар юзасидан кўплаб амалий таклиф ва ғояларни илгари сурди. Ашхободда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказини ташкил этиш ҳақидаги ташаббуси шулар жумласидандир.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Каспий денгизида транспорт соҳасида ҳамкорлик бўйича битим ишлаб чиқиш, БМТнинг Транспортни ривожлантиришга доир минтақалараро махсус дастурини қабул қилиш, Туркманистонда БМТ Бош Ассамблеясининг Транспорт коридорлари тўғрисидаги резолюциясини амалга оширишга бағишланган минтақавий симпозиумни ўтказиш ҳақидаги таклифлари алоҳида эътиборга лойиқдир, деб таъкидлади Ислом Каримов.

Йирик транзит-транспорт салоҳиятига эга Туркманистон айни пайтда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда темир йўл, автомобиль, денгиз ва ҳаво йўллари орқали қатновни ўз ичига олган кенг тармоқли мультимодаль инфратузилмани шакллантирмоқда. Мамлакатларимиз транспорт йўллари минтақадаги барча давлатларнинг Эрон, Форс кўрфази ва Қора денгиз бўйида жойлашган мамлакатлар бандаргоҳларига, Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорларига чиқишини таъминлайдиган ягона тизимнинг интеграциялашган бўғинига айланиши даркор.

Бугунги учрашувимиз халқаро майдонда вазият шиддат билан ўзгариб бораётган, геосиёсий кескинлик ва қарама-қаршилик кучайиб, глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган, жаҳон бозорларида конъюнктура беқарор бўлиб турган бир шароитда ўтмоқда...

Туркманистоннинг амалий халқаро ҳамкорлик учун очиқлигини эълон қилган бетарафлик концепцияси бундан кейин ҳам мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, унинг миллий манфаатларини халқаро миқёсда илгари суришга хизмат қилишига ишонамиз, деди пировардида Ислом Каримов.

Гурбангули Бердимуҳамедов Президентимиз Ислом Каримовга ушбу байрам ва халқаро конференцияда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.