Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг «Моранбонг» поп-гуруҳи қизлари 12 декабрь куни Хитойдаги гастролни муддатидан олдин тўхтатиб, ватанга қайтди. Жанубий кореялик сиёсатчи Чон Сон Чаннинг Mediapen нашрига маълум қилишича, бунга Шимолий Кореяда собиқ давлат раҳбари Ким Чен Ир вафот этган куннинг мотам сифатида нишонланиши сабаб бўлган.

"Ишончли манбага кўра, Шимолий Кореяда 12 декабрь куни Ким Чен Ирнинг вафот этганига 4 йил тўлиши муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилинди. Бу кунлар давомида қўшиқ куйлаш, эшитиш ва рақсга тушиш тақиқланади", дейди у.

КХДРнинг Хитойдаги элчиси ушбу ҳолат юзасидан узр сўраган.

9 декабрь куни Ким Чен Ин «Моранбонг» қизларини Хитойга 1 ҳафталик гастрол учун жўнатгани ҳақида хабар берилганди.

Пхеньян шу тариқа БМТ Хавфсизлик кенгаши КХДРда инсон ҳуқуқлари бузилишини муҳокама этадиган мажлиси арафасида ўзининг асосий иттифоқдоши билан муносабатларни яхшилаш ниятидалиги айтилганди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари БМТ Ким Чен Инни халқаро судга беришига умид қилмоқда, Хавфсизлик кенгашида вето қўйиш ҳуқуқига эга Хитой эса Шимолий Корея етакчисини бундай қисмат кутмаслигининг ягона кафолати бўлишига умид қилинган.

Маълумот учун, 2012 йилда шахсан Ким Чен Иннинг кўрсатмаси билан ташкил этилган «Моранбонг» гуруҳида 21 нафар қиз бор. Жанубий Кореядаги кўпсонли жамоалардан фарқли равишда, гуруҳ иштирокчилари созларни ўзлари чалишади.

Бундан ташқари, қизлар ҳарбий унвонларга эга ва мухлислар олдида ҳам асосан ҳарбий либосларда чиқади. Шу туфали мазкур гуруҳни поп-жамоа эмас, ҳарбий оркестр деб ҳам аташади.

Суратлар манбаси: Kyodo/Reuters