Молдова президенти Николай Тимофти “Сиёсий бетарафлик: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт учун халқаро ҳамкорлик” халқаро анжумани доирасида унинг мамлакати Приднестровьедан Россия қўшинларининг тўлиқ олиб чиқилишини талаб қилаётганини айтди, деб хабар бермоқда Independent.md нашри.

“Биз россиялик ҳарбийлар ва ўқ-дориларнинг мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқилиши жараёнининг якунланиши зарурлигини такрорламоқдамиз. Шунингдек, биз хавфсизлик ҳудудидаги тинчликпарвар операциясини халқаро мандат остидаги фуқаролик миссиясига айлантирилишини ёқлаб чиқамиз”, деб айтди Тимофти.

Тимофтининг айтишича, Россия бу мажбуриятларни 1999 йилдаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Истанбулдаги саммити пайтида ўз зиммасига олган.