ТошИЭСдаги янги буғ-газ қурилмаси 2016 йил бошида ишга туширилади

Ўзбекистон 13 Декабрь 2015 3195

Тошкент иссиқлик электр станциясидаги янги буғ-газ қурилмаси 2016 йил бошида ишга туширилади, деб маълум қилди Sputnik нашри мухбирига “Ўзбекэнерго” АЖдаги манба.

370 мегаваттли қурилма дастлаб жорий йилнинг 4-чорагида ишга туширилиши режалаштирилганди.

Маълумотларга кўра, қурилма лойиҳавий қувватга эришгандан кейин ёнилғининг анча тежалашига эришилади. Бугунги кунда ТошИЭСда бир киловатт электр энергия ишлаб чиқариш учун 380 грамм шартли ёнилғи сарфланаётган бўлса, янги қурилма ишга туширилгандан кейин бу кўрсаткич 240 граммни ташкил қилади. Қурилма юқори, яъни 60 фоизга яқин фойдали иш коэффициентига эга бўлади.

Лойиҳани ишлаб чиқиш, керакли жиҳозларни сотиб олиш ва буғ-газ қурилмаси қуриш бўйича шартнома Словакиянинг Synecta ва Istroenergo Group, Чехиянинг CKD Export ва Канаданинг SNC Lavalin компанияларидан ташкил топган консорциум билан 2008 йилда тузилган. Зарурий жиҳозлар – турбина, утилизатор қозонхона, генератор ва бошқа жиҳозлар АҚШнинг General Electric компанияси томонидан етказиб берилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 511 млн доллардан кўпроқни ташкил қилди. Ундан катта қисми Хитой давлат тараққиёт банки (220 млн доллар), Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт банки (76,2 млн доллар) ва “Ўзсаноатқурилишбанк” (27 млн доллар) берган кредитлар ҳисобига қопланди.

Тошкент ИЭСнинг қуввати 1860 МВтни ташкил қилади. Станциянинг биринчи энергоблоки 1963 йилда, охирги – ўн иккинчиси эса 1971 йилда ишга туширилган.

Кўпроқ янгиликлар